МАКТАБИ ГАЗЕТАЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН ЮРТ ЁКИ КУНЧИҚАР МАМЛАКАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ҲАҚИДА

МАКТАБИ ГАЗЕТАЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН ЮРТ ЁКИ КУНЧИҚАР МАМЛАКАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ҲАҚИДА


Япония ноодатий урф-одатлари, жозибадор табиати ҳамда ўзига хос таълим тизими билан дунё давлатларидан  ажралиб туради.

 

Японияда бошланғич мактабда болалар 6 йил (6 ёшдан 12 ёшгача) ўқишади. Ўрта мактабда эса ўқиш 3 йил (12 ёшдан 15 ёшгача), бундан ташқари, юқори мактабда ҳам 3 йилгача (15 ёшдан 18 ёшгача) таълим олишади. Ноанъанавий урф-одатлар деганимизда, айнан, япон мактабларидаги таълим тизимини ҳам назарда тутгандик.

 

Энг асосийси, бошланғич ва ўрта мактабларнинг ўз низомлари, ўз раҳбарияти томонидан чиқариладиган буйруқлари бор. Улар бир-биридан фарқ қилади. Японияда мактаблар мажбурий ва бепул. Аммо ўрта ёки юқори мактаб ўқувчиси университетга кириб ўқимоқчи бўлса, ўрта мактабни тугатиши шарт эмас. Лекин, статистик маълумотларга қараганда, япон ўқувчиларининг 94 фоизи аввало ўрта мактабларни тамомлайди.

 

Яна бир жиҳати, Япония мактабларида ўқув йили сентябрда эмас, апрелдан бошланади. Ўқувчилар уч босқич: биринчиси — апрель-июль, иккинчиси — сентябрь-декабрь, учинчиси — январь-март ойларида таълим олишади. Ёзги таътил эса атиги бир ярим ой давом этиб, ёз ойларига тўғри келади.

 

Бизда мактаб ўқувчилари бир хил, яъни бошланғичдан битиргунича ягона тартибда ўқитилса, уларда ҳамма нарса бутунлай бошқача, яъни бошланғич, ўрта ва юқори мактабларда ҳар йили дарслар янгиланган шаклда ташкил этилади.

 

Ҳар йили ўқувчи янги тенгқурлардан иборат гуруҳларда ўқийди. Ўқувчилар янги тенгдошларини ўзлари танлаши ҳам мумкин. Фақат ўзларининг хоҳиш-истакларини махсус варақаларга ёзиб, топширишса бўлгани. Варақага эса ўз исми-шарифларини ҳамда битта синфда ўқишни истаган икки ҳамроҳ — ўқувчиларни ёзишлари керак.

 

Бундай ғалати “аралаштириш” келажакда мустаҳкам жамиятни шакллантириш учун керак. Энг муҳими, ўқувчи фақатгина ўзи таниган, билган  ўқувчиларга эътибор қаратмасдан, мулоқотда бўлмасдан, янги гуруҳларда бошқа тенгдошлари билан ҳам тил топа олиши зарур.

 

Мактабда дарслар тугагач ўқувчилар одатда уйига шошилмайдилар, ўзи рўйхатдан ўтган клубларга боради. Ҳар бир ўқувчи камида битта клубга қатнашиши (ўзлари танлаган) лозим. Клублар барча йўналишларда, яъни спорт, санъат, фан, тил, мусиқа йўналишида мавжуд.

 

Японияда деярли барча босқич мактабларининг ўз формаси бор. Бундан ташқари, ҳар бир мактабда, ҳар бир ўқувчига алоҳида мактаб формаси жорий қилинган. Мактабнинг қиш ва ёз фаслларига хос формаларини кийиш мажбурий ҳисобланади. Бундан ташқари, мактаблар низомида голф, мактаб сумкалари (кўпинча сумкалар форма билан бирга ишлаб чиқарилади), спорт кийимлари ва ҳатто қиз болалар учун соч турмаги билан боғлиқ қоидаларгача мавжуд.

 

Қизиғи, мактабга боргач барча ўқувчилар пойабзалини бошқасига алмаштириб олишади. Яъни, шиппак ёки балет пойабзалига. Алмаштириш мумкин бўлган оёқ кийимига жуда қаттиқ талаб қўйилади. Айниқса, таглиги полда қора из қолдирмаслиги керак.

 

Кунчиқар юртдаги ҳар бир ўқувчига 4 та рақам берилади. Дастлабки иккита рақам мактаб рақами, қолган иккита рақам синфидан берилган шахсий рақам. Ушбу рақамлар кутубхонадаги карталарда, велосипеддаги стикерларда ишлатилади. Айтганча, кўпгина япон ўқувчилари мактабга велосипедда қатнайди.

 

Уларда ҳам ҳафталик дарс жадваллари мавжуд. Одатда, ўқувчилар янги жадвални фақат жума куни билишади. Шунинг учун, олдиндан тахмин қилиш қийин, масалан, ҳар душанба куни қайси дарс биринчи бўлишини билишмайди.

 

 

Япония мактабларида фаррошлар йўқ. Ўқувчиларнинг ўзлари синф хоналарини тозалашади. Улар дарс тугагач полни супуриб, ювиб, деразаларни артишади, ҳатто иприндиларни ҳам ўзлари чиқинди хонага олиб бориб ташлашади.

 

Шунингдек, мактабда ҳар бир ўқувчининг ўз иш столи бор. Бошқача айтганда, ҳар бир ўқувчи ишлаш жараёнида алоҳида жойда ўтиради.

 

Ўқувчилар уй вазифасини бажарганлик, дарсга тайёрлик даражаси бўйича баҳоланмайди. Аммо ўқувчи фан бўйича бирор янгилик қилган бўлса, ўқитувчи уйга берилган топшириқни қизил доира билан айлантириб қўяди. Бу устоздан қарзим қолмади, дегани.

 

Аммо барча давлатларда бўлгани каби, япон мактабларида ҳам яхши баҳодан қочиб бўлмайди. Синовлар барча фанлар бўйича ўтказилади ва бу тестлар бир балли ўлчов бўйича баҳоланади.

 

Япон мактабларида ўқувчи жазоланмайди. Болада бирор муаммо пайдо бўлса, психолог ва синф раҳбари томонидан ўрганилиб, тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўқувчилар умуман дарс қолдирмайди. Мабодо касал бўлиб, мактабга келолмаса, ўқитувчи унинг уйига бориб топшириқлар беради ва ўқувчи ота-онаси ёрдамида мавзуни мустақил ўзлаштиради.

 

 

Таълимда бола тарбияси жуда муҳим вазифа, деб қаралади. Шу боис мамлакатда тарбияга боғчаданоқ катта эътибор қаратилади. Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, каттага ҳурмат, тозалик, озодалик, ўз-ўзига хизмат, бировдан ёрдам кутмаслик, ўзига ишонч кабилар уқтириб борилади. Боланинг эркинлиги япон педагоглари учун жуда муҳим саналиб, ўқувчининг дарсда ўзига қулай тарзда ўтиришига имкон берилади.

 

Японлар айниқса, китобхонликка катта эътибор қаратишади. Бошланғич синф ўқувчиси ҳафтада болалар адабиётидан 2 та китобча ўқиши лозим. Кутубхона қоғозини ўқувчи ўзи тўлдиради. Вақти-вақти билан кутубхоначи муҳр босиб тасдиқлаб қўяди. Яна муҳим жиҳати, Японияда бошланғич синфлар учун айрим дарслар кутубхонада ўтилади. Мактаб кутубхонаси китоблар, мамлакатдаги энг муҳим газета ва журналлар билан давлат бюджети ҳисобидан таъминланади. Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари эса улардан беминнат фойдаланишади.

 

Мактабларда ҳам тарбия олти йўналишда берилади, яъни масъулият, ҳурмат, меҳрибонлик, ҳақгўйлик-адолат, тўғрисўзлик, фуқаролик.

 

Ҳар бир ўқувчи 1-синфдан бошлаб бирор чолғу асбоби чалишни ўргана бошлайди. Мактаблар мусиқа асбоблари билан таъминланган. Энг асосийси, улар битиргунга қадар камида бир ёки иккита чолғу асбобини чалишни ўрганиши шарт. Болалар нота билан бемалол ишлай олади. Спорт ва мусиқага қизиқиш юқори бўлгани сабабли, тўгараклар мунтазам юритилади.

 

Япониядаги мактабда ўқувчилар билан уяли телефон орқали улана олмайсиз. Агар ўқитувчи ўқувчида мактабда, дарс жараёнида уяли телефонни кўрса ёки огоҳлантириш сигналини эшитса, олиб қўяди. Ўқувчи уни фақат ота-онаси ёрдамидагина қайтариб олиши мумкин бўлади.

 

 

 

Манба: «Hurriyat» газетасидан

painting icon

Мәнзил

Қарақалпақстан Республикасы, Нөкис қаласы, А.Досназарова көшеси, 62

email icon

Електрон почта

qoraqalpogiston_xtv@xtv.uz mno.rk@exat.uz

cordless screw driver icon

Жумыс күнлери

Жумыс күнлери: Дүйшемби - Жума. Жумыс ўақты: 9:00 - 18:00.